Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчиси Талант Мамитов билан телефон орқали мулоқот қилди

Президенти Шавкат Мирзиёев 30 декабрь, чоршанба куни Қирғиз Республикаси президенти вазифасини бажарувчиси Талант Мамитов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, суҳбат аввалида томонлар кириб келаётган Янги йил муносабати билан бир-бирларини қутлаб, икки биродар халққа тинчлик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилаган. Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали шериклик алоқаларини изчил мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Шунингдек, Талант Мамитов давлат раҳбарига коронавирус пандемиясига қарши курашда кўрсатилган катта кўмак ва амалий ёрдам, шу жумладан, Қирғизистон ҳудудларида мобил тиббиёт марказларини қуриш лойиҳалари амалга оширилгани учун чуқур миннатдорлик билдирган.

Суҳбат давомида Ўзбекистон–Қирғизистон ҳамкорлиги кун тартибидаги муҳим масалаларни, энг аввало, саноат кооперацияси, савдо, иқтисодиёт ва минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш чораларини илгари суриш муҳимлиги қайд этилган.

Мулоқот сўнгида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил бошида Қирғизистондаги муҳим ички сиёсий тадбирларни ўтказишда муваффақият тилаган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тожикистон президентига Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раисликда муваффақият тилагани ва Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти билан минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар