Тошкентдаги «Қўйлиқ» бозори ёнида 34 кг-дан ортиқ наркотик аниқланди

Гиёҳвандлик воситалари мамлакатга хориждан контрабанда йўли билан олиб келинган

Тошкентда катта миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Тадбир давомида Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» бозори ёнида шубҳали тарзда тўхтаб турган Lasetti русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилади.

Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида яшовчи, 1968 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс бошқарувидаги автомашинада 1984 йилда Денов шаҳрида туғилган, ҳозирда пойтахтда истиқомат қилувчи фуқаро ҳам борлиги маълум бўлади.

Натижада, автомашина салонида бўлган елим идиш ичида 30 дона ўрамда жами 34 кг 610 гр оғир турдаги гиёҳвандлик воситалари, жумладан, 12 кг 960 гр «опий» ва 21 кг 650 гр «гашиш» моддалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинади.

Таъкидланишича, бундай турдаги гиёҳвандлик воситалари мамлакатга хориждан контрабанда йўли билан олиб келинади.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов ҳаракатлари доирасида уларнинг жиноий шерикларининг шахси аниқланмоқда.

Ўзбекистон