«Чуст оши» географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди
Мазкур турдаги ош ўзига хос палов тайёрлаш анъаналари билан ҳам машҳур

«Чуст оши» географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
Фарғона водийсининг энг қадимий гўшаларидан бири бўлган Чуст нафақат ҳунармандчилиги, балки ўзига хос палов тайёрлаш анъаналари билан ҳам машҳур.
Бу ерда ош пишириш кўп асрлик тажриба, маҳорат ва миллий қадриятларни ўзида мужассам этган ошпазлик санъати ҳисобланади.
Қайд этилишича, «Чуст оши» асосан очиқ ҳавода, баланд оловда, алюмин қозонларда тайёрланади. Таомнинг ўзига хос тўқ олтин-жигарранг ранги сунъий бўёқларсиз, суякли гўшт ва пиёзнинг баланд оловда қовурилиши натижасида ҳосил бўлади.
Ҳудуднинг ўзига хос микроиқлими, шувоқ ва кийикўт билан боқилган қора қўчқор гўшти ҳамда Гавасой ва Косонсой ҳавзаларининг табиий юмшоқ булоқ суви «Чуст оши»нинг бетакрор таъми ва сифатини таъминлайди.
Маълумот учун, «Чуст оши»га географик кўрсаткич мақомининг берилиши унинг номи ва анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади.
Шу билан бирга, мазкур мақом маҳсулот сифатининг озиқ-овқат маҳсулотлари учун белгиланган давлат меъёрларига мувофиқлигини кафолатлайди ҳамда ҳудуднинг гастрономик брендини халқаро миқёсда тарғиб этиш имкониятларини кенгайтиради.





