«У «Америка қайтди» деганда, бизни Хитой умуман менсимаган, «Ислом давлати» Буюк Британия ҳудудига тенг халифаликни назорат қилган даврларни айтяптимикин?» – Помпео Жо Байденнинг чиқишларига муносабат билдирди
АҚШнинг собиқ давлат котиби Майкл Помпео америкаликлар Барак Обама даврида олиб борилган ташқи сиёсатнинг яна саккиз йилини амалга оширишга қодир эмаслигини айтди. Бу ҳақда TACC ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Хабар берилишича, Майкл Помпео Жо Байденнинг Fox news телеканалидаги нутқига изоҳ берган.
Унинг фикрига кўра, Қўшма Штатлар президенти Жо Байден даврида Американинг 44-раҳбари Барак Обама маъмурияти олиб борган ташқи сиёсат йўналишига қайтишга қодир эмас.
АҚШнинг янги президенти ўз нутқида «Америка қайтди» деб кафолат бериб, «Дипломатия ташқи сиёсатимизнинг марказига қайтди», – дея тушунтирганди.
Байденнинг таъкидлашича, АҚШнинг янги маъмурияти Американинг олдинги раҳбари Доналд Трамп томонидан олиб борилган ташқи изоляция сиёсатига чек қўйиб, Россия ва Хитойнинг тахминий душманлик ҳаракатларига қаршиликни кучайтиради.
«У «Америка қайтди» деганда, бизни Хитой умуман менсимаган, Канзас ёки Жанубий Каролинадаги миллионлаб иш жойлари йўқ қилинган, «Ислом давлати» Буюк Британия ҳудудига тенг халифаликни назорат қилган даврларни айтяптимикин? Умид қиламанки, қайтиш деганда у буни назарда тутмаган. Президент Трамп ва бизнинг жамоамиз бу ишларни ҳал қилган эди», – дейди Помпео.
Маъвзуга доир: