Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланди

27 декабрь куни Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров матбуот хизмати хабар берди.

Тамал тошини қўйиш маросими Жалолобод вилоятининг Тош-Қутчу қишлоғида бўлиб ўтди. Унда Қирғизистон раҳбаридан ташқари, Хитой тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси раиси Чжен Шансзе ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳам иштирок этди.

Жапаров тармоқ қурилишини “тарихий воқеа” ва “транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда янги давр»нинг бошланиши деб атади.

Бўлажак магистраль Шарқ ва Ғарб ўртасидаги “стратегик кўприк” бўлади. Унинг яратилиши Хитой, Яқин Шарқ, Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги транспорт йўналишларини диверсификация қилиш имконини беради, шунингдек, Марказий Осиёнинг логистика рақобатбардошлигини оширади, деди — Жапаров.

Лойиҳанинг Қирғизистон учун аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Унинг сўзларига кўра, темир йўл мамлакат орқали транзит ҳажмини оширади, вилоятларнинг иқтисодий ривожланишини тезлаштиради, уларнинг транспорт имкониятларини яхшилайди, шу билан бирга, савдо ва туризмнинг ўсишига ёрдам беради. Қирғизистон мамлакатнинг шимоли ва жануби ўртасида қўшимча Балиқчи — Макмал тармоғини қуришни режалаштирмоқда.

Жаҳон