Ноқонуний мигрантлар 30 апрелгача Россиядан чиқариб юборилади
Россиядаги ноқонуний мигрантлар 30 апрелгача мустақил равишда мамлакатни тарк этиши ёки ўз ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш ҳақидаги қонун имзоланди.
Россиядан миграция режими бўйича чиқариб юбориш 2025 йил 5 февралдан бошлаб жорий этилади. У Россияда қонуний асосда бўлиш ҳуқуқига эга бўлмаган хорижликларга нисбатан қўлланилади. Ушбу тоифага кирувчи барча фуқаролар чиқариб юборилгунга қадар ёки ҳуқуқий ҳолати тартибга солингунча назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилиши шарт.
Чиқиб кетиш талаби қонуний асосда қолишни истаган ва қуйидаги шартларга жавоб берадиган хорижликларга нисбатан қўлланилмайди: биометрик маълумотларни топширган, гиёҳванд моддалар ва юқумли касалликлар бўйича тестдан ўтган, рус тили, Россия тарихи ва қонунларини билиши тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этган, қарзларини тўлаган бўлса. Бунда патент, ишлаш ёки вақтинча ҳамда доимий яшаш гувоҳномасини бекор қилиш учун асослар бўлмаслиги керак.