2020 йилда вояга етмаган шахслардан шахвоний мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари бир неча маротабага ошган
24 март куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги биносида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Tez News муҳбири хабар берди.
Хабар берилишича, 2020 йилда вояга етмаган шахслардан шахвоний мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари 2019 йилга нисбатан 6 баробарга кўпайган. Ушбу ҳолатлар асосан Андижон, Бухоро, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қайд этилган.
Статистикага кўра, шаҳвоний мақсадларда содир этилган жиноятдан 101 нафар аёл жабрланган бўлиб, улардан 17 та ҳолатда чет давлатлар, 51 та ҳолатда республика ҳудудида фойдаланилган, 21 та ҳолатда фуқаролар чет давлатларга олиб чиқиб кетилаётган вақтда қўлга олинган.
Шунингдек, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар таркибида чақалоқ савдоси улуши 40 фоизни (37та) ташкил қилиб, 15 нафар ўғил ва 22 нафар қиз бола чақалоқ савдоси кузатилган.
2020 йилда судлар томонидан 100 нафар шахсга нисбатан 81 та одам савдоси билан боғлиқ жиноят иши кўрилган бўлиб, шундан 7 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми, 93 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган.
Шу билан бирга, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларнинг 33 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 35 нафарига озодликни чеклаш, 1 нафарига аҳлоқ тузатиш ишларига жазолари тайинланиб, 20 нафар шахс шартли ҳукм қилинган ва 4 нафар шахсга бошқа асосларга кўра ҳукм чиқарилган. Жабрланувчининг 9 нафарига 56,6 миллион сўмлик етказилган моддий зарар қоплаб берилган.