Икки ва ундан ортиқ фарзанди контрактда ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити берилиши мумкин

Икки ва ундан ортиқ фарзанди контрактда ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш тартиби жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланган Ҳукумат қарори лойиҳасига  асосланиб ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев маълум қилди.

Фото: agdaily.com

Унга кўра, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ОТМларда икки ва ундан ортиқ фарзанди тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар имтиёзли таълим кредити олиши мумкин.

Лойиҳада белгиланишича, таълим кредитлари республикадаги барча олий таълим муассасалари — давлат, нодавлат, қўшма таълим дастурлари ва хорижий ОТМлар филиалларида контрактда ўқиётган Ўзбекистон фуқаролари, уларнинг ота-оналари ёки васийларига берилади.

Таъкидланганидек, кредит фоизлари кредит ажратилгач кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ойма-ой тўланади, талабанинг ўқиши расман тугаб, уч ой ўтгач эса асосий қарзни тўлаш бошланади.

Таълим кредити, ўқиш даврини ҳисобга олиб, бакалавр учун 15, магистр учун 10 йилгача бўлган муддатга берилади.

Талабанинг муддатли ҳарбий хизмат ўташ даврида бу тоифадаги кредитлар учун банк фоизи ставкалари ҳисобланмайди.

Янгиликлар