Шаҳрисабздаги Амир Темур хиёбонида «трюк» кўрсатган йигитга нисбатан чора кўрилди
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур хиёбонида «трюк» кўрсатган йигитга нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Маълум қилинишича, Шаҳрисабз шаҳри Кунчиқар маҳалласида яшовчи 20 ёшли йигит 4 февраль куни тунги соат 2:30 ларда ўз бошқарувидаги «Nexia»да танишлари билан Амир Темур хиёбонига келган.
Амир Темур ҳайкали ўрнатилган ҳудудда суратга тушиш учун келган йигит ва унинг ўртоқлари хиёбондаги майсаларни босиб ўтишган. Шундан сўнг машинанинг юкхонасини очиб, баланд овозда мусиқа қўйган ҳолда автомобиль рақамлари устига мато ёпиб, хавфли манёврлар амалга оширган. Буни уларнинг шериги қўл телефонида тасвирга олган.
Қоидани бузган фуқарога нисбатан МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судига юборилган.
Аввалроқ, Тошкентда машина капотида сайр қилиб видео олган блогерларга жазо тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.