«Биткоин, ноткоин ва криптовалюталар билан муомала шаръан жоиз эмас» – Фатво ҳайъати
Биткоин, ноткоин ва бошқа шу каби криптавалюталарда савдо-сотиқ қилиш Ислом динида шаръан жоиз эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу криптовалюталарда шариат томонидан пулга қўйилган талаблар топилмайди. Криптовалюта — транзакцияларни ҳимоя қилиш ва янги бирликларни яратишни назорат қилиш учун криптографиядан фойдаланадиган рақамли ёки виртуал валюта.
Қайд этилишича, уларни бирор давлат ишлаб чиқармагани ёки расман тан олмагани, нархининг кескин ўзгарувчанлиги ҳамда унда қимор аломатлари борлиги у билан муомала қилиш ҳаром эканига асос бўлади.
Марказ ҳозирда фақат электрон кўринишда мавжуд бўлган «рақамли пул»лар вақт ўтиши билан шариатга мувофиқ товар ва пулга қўйилган шартларга тўлиқ жавоб бера олса, шундагина улардан фойдаланишнинг ҳукми ҳам ўзгариши мумкинлигини таъкидлади.
«Демак, криптовалюталарнинг ҳукми ҳалол бўлмагунча мусулмонлар бу пуллар билан савдо қилмай туришлари лозимдир», — дейилади хабарда.





