Сардоба сув омбори қайта тикланади

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборини қайта тиклаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) қарори қабул қилинган. Бу ҳақда «Daryo» хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, Сув омборини қайта қуриш бўйича лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра объектда тиклаш ишлари икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда тўғон ён-бағирларида ҳосил бўлган ёриқларни техник нуқтаи назардан бартараф этиш ва қайта ишга тушириш кўзда тутилган. Бунда уларнинг сувни қабул қила олиш қобилияти ва бошқа илмий-техник изланиш натижалари ўрганиб чиқилади.

«Объектнинг амалдаги ҳолати дастлабки лойиҳа ечимларига қанчалик мувофиқлиги ҳам текширилмоқда. Бу ўрганишлар эртага шундай нохуш ҳолат яна такрорланмаслиги, шу каби фалокатларнинг олдини олиш учун қилинмоқда», — дейди Қурилиш вазирлигининг Лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Насрулло Бобоев.

Таъкидланишича, ҳозирда Сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари бошчилигида омборнинг сув босимига бардошлилик қобилияти, унга аслида қанча миқдорда сув тўлдириш мумкинлиги илмий ўрганилмоқда.

«Ҳолат қўшни давлатларга ҳам тааллуқли бўлгани боис илмий ўрганишларга нафақат маҳаллий мутахассислар, балки чет эл илмий-тадқиқот марказлари ҳам жалб қилинган. Бунда бир нечта мустақил экспертлар гуруҳи қилинган ишлар натижаларини таҳлил қилади ва ўз хулосаларини беради. Шундан келиб чиқиб, кейинги босқич ишлари давом эттирилади», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, қарор белгиланган ва ҳукумат томонидан график қилиниб, масъул ходимлар тайинланган.

Янгиликлар