Тошкентда айрим автобуслар йўналишига ўзгартириш киритилди
Тошкентда 5 та автобус йўналишига ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда шаҳар транспорт бошқармасига асосланиб Qalampir хабар қилди.
Хабарга кўра, 12 март кунидан бошлаб Тошкент шаҳрида 36, 52, 59, 78, 184-сонли автобус йўналишлари фаолиятига ўзгартиришлар киритилган.
Қайд этилишича, ўзгартиришлар аҳоли мурожаатлари асосида амалга оширилган.
Қуйидаги ўзгаришлар амалга оширилди:
- 36-сонли «ТТЗ АШБ — Зенит заводи» автобус йўналиши ҳаракати Зенит заводи бекатидан Тикланиш маҳалласи ҳудудигача узайтирилади;
- 52-сонли «Юнусобод 17-даҳаси – Чорсу савдо маркази» автобус йўналиши мазкур йўналишда хизмат кўрсатган хусусий корхонанинг ташаббуси асосида ёпилади;
- 59-сонли «Сергели 12-даҳаси – Карвон бозори» автобус йўналишидаги жадваллар сони 7 тадан 8 тага (+1) оширилади;
- 78-сонли «Беруний метроси – Тошкент вокзали» автобус йўналишининг ҳаракати Ифтиҳор, М.Турғунбоева, Боғи равон ва Уста Ширин кўчалари орқали икки томонлама қисман ўзгартирилади;
- 184-сонли «Бинокор қўрғони – Қипчоқ АШБ» автобус йўналишининг ҳаракати «Қипчоқ» сўнгги бекатидан Қипчоқ, Янги Сергели йўли, Сўғдиёна, Файзли, Обиҳаёт ва Файзли кўчалари орқали «Сергели 4-даҳаси»гача узайтирилади.
Таъкидланишича, 10 март кунидан бошлаб:
12-сонли «Қўйлиқ деҳқон бозори – Бошлиқ мавзеси» автобус йўналишининг икки томонлама ҳаракати Фарғона йўли кўчасидан Толлимаржон, Сарикўл, Янги замон, А.Фитрат, А.С.Банокатий, Г.Алиев, Темирйўлчилар, Сарикўл, КҲЙ, Туркистон, Т.Шевченко ва Нукус кўчалари орқали кейинги ҳаракати ўз йўналишини давом эттирган ҳолда ўзгартирилди;
Янги 196-сонли «Обод макон мажмуаси – Гулобод кўчаси» автобус йўналиши ташкил этилди. Ушбу йўналишда 2 та Исузу русумли автобуслар «Обод макон» мажмуаси аҳолиси билан келишилган ҳолда махсус ишлаб чиқилган ҳаракат жадваллари асосида ҳаракатланади.