Ўзбекистонда банк раҳбарлари қонунбузарликлар учун жаримага тортилади

Ўзбекистон Марказий банки томонидан банк ва нобанк муассасаларига нисбатан чоралар ва санкциялар қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиришлар тасдиқланди.

Бунда, банкнинг раҳбар шахсларининг қуйидаги ҳаракат ёки ҳаракатсизликларидан бири натижасида банк томонидан қўпол, жиддий ва жузъий қоидабузарликлар содир этилиши уларни жаримага тортиш учун асос бўлиши мумкин:

• раҳбар шахс томонидан банк фаолиятини ташкил этиш, таваккалчиликларни бошқариш ёки ички назорат тизимини таъминлаш бўйича вазифалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида бажарилмаганлиги;

• раҳбар шахс томонидан қонунчилик талабларига зид қарор қабул қилинган ёки бундай қарорни қабул қилишга розилик берилганлиги;

• раҳбар шахснинг банк фаолиятида қоидабузарлик мавжудлигини билган ёки лавозим мажбуриятларидан (ваколатларидан) келиб чиқиб билиши шарт бўлган ҳолда уни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўрмаганлиги;

• раҳбар шахс томонидан қоидабузарлик содир этилишига олиб келадиган топшириқ, кўрсатма берилганлиги ёки қоидабузарлик бевосита маъқулланганлиги;

• раҳбар шахс ўз ваколатлари доирасида қоидабузарликнинг олдини олиш бўйича зарурий чоралар кўрмаганлиги;

• банк томонидан Марказий банкка тақдим этиладиган ҳисоботлар ёки ахборотлар тақдим этилмаганлиги, ўз вақтида тақдим этилмаганлиги ёки ундаги маълумотлар нотўғри кўрсатилганлиги;

• марказий банк томонидан берилган кўрсатмалар, ёзма огоҳлантиришлар ёки тасдиқланган чора-тадбирлар режасида назарда тутилган вазифалар раҳбар шахс назорати остида ўз вақтида бажарилмаганлиги;

• илгари аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилмаганлиги ёки тегишли хулосалар чиқарилмаганлиги сабабли янги қоидабузарликлар содир этилганлиги;

• банкда қонунчилик талабларига риоя этишни таъминлашга қаратилган ички сиёсатлар, тартиб-таомиллар ёки назорат механизмлари ишлаб чиқилмаганлиги ёки уларнинг ижроси таъминланмаганлиги;

• қоидабузарлик натижасида банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатларига етказилган зарарни камайтириш ёки бартараф этиш бўйича раҳбар шахс томонидан тегишли чоралар кўрилмаганлиги;

• раҳбар шахс томонидан қоидабузарликни, унинг сабабларини ва оқибатларини яширишга ёки Марказий банкни чалғитишга қаратилган ҳаракатлар содир этилганлиги;

• раҳбар шахснинг ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлиги ёки бундай тўқнашувнинг олдини олиш чораларини кўрмаганлиги;

• қоидабузарликка олиб келган қарорлар қабул қилиниши ёки назорат амалга оширилиши бўйича зарур ҳужжатлаштириш, ҳисобдорлик ёки ички назорат механизмлари яратилмаганлиги.

Ўзбекистон