Сурхондарёда болаларни шафқатсизларча калтаклаб, ноқонуний диний сабоқ берганлар ушланди
Сурхондарёда хонадонларда ҳужралар ташкил этиб, моддий даромад эвазига болаларга ноқонуний диний сабоқ бериб келаётган ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Дарбанд маҳалласида мутахассислар томонидан рейд ўтказилди. Маълум бўлишича, 25 ёшли фуқаро ўз уйида тўққиз нафар болани ўқитган. У вояга етмаганларга қўпол муносабатда бўлиб, уларни шавқатсизларча қалтаклаб келган.
Жароҳатларнинг оғирлигини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, болаларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисми (Болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мажбуриятларни бажармаслик) билан баённомалар тузилди.
Наманган вилоятида ҳам бундай тадбирлар ўтказилганда, 58 ёшли фуқаро 2023 йилнинг июл ойидан буён 17 нафар вояга етмаган болага дарс бергани, ҳар бир боладан 100 доллардан олгани маълум бўлган.
Аниқланган факт бўйича маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Жиноят кодексининг 241-моддаси (диний таълимотларни ўқитиш тартибини бузиш), вояга етмаганларнинг ота-оналарига нисбатан эса 47-модда билан материаллар расмийлаштирилди.