Самарқандда «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзоси 6 йилга қамалди
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи, «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилоти аъзоси бўлган О.А. 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Маълум қилинишича, 2022 йил февраль ойида хориж давлатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида 1978 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, Пастдарғом тумани Қорабўйин қишлоғида яшаган О.А.нинг жиноий фаолиятига чек қўйилган эди.
Тергов жараёнида маълум бўлишича, О.А. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ишлаши давомида Facebook ва Одноклассники ижтимоий тармоқларида «Ҳизб ут-Таҳрир»нинг аудио-видео материалларини тарқатиб келган. Шунингдек, у оила аъзолари, хусусан, фарзандларига «Ҳизб ут-Таҳрир»нинг «Ислом низоми» китоби ва «Ал-Ваъй» номли журналидан экстремистик ғояларни сингдириб келган.
О.А.нинг жиноий ҳаракатлари «Ҳизб ут-Таҳрир»нинг фаол ёлловчилари ҳисобланган, айни пайтда халқаро қидирувда бўлган шахслар томонидан бошқарилган. Июль ойида О.А.нинг жиноий иши Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, у 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.