Ўзбекистонда аёлларни фоҳишалик билан шуғулланишда туҳмат қилиб келган жиноий гуруҳ ушланди

Жиноят қидирув бош бошқармаси Уюшган жиноятчилик ва қурол билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида интернет орқали аёлларни ҳақорат қилиб, уларни фоҳишаликда айблаб, туҳмат қилиб келаётган жиноий гуруҳни аниқлаш юзасидан тезкор тадбир ўтказилди.

Аниқланишича, жиноий гуруҳ 200 дан ортиқ аёлларнинг суратлари, телефон рақамлари, исмларини Telegram’даги каналга ёпиқ профиль орқали жойлаштириб келган. Шунингдек, улар ғаразли ниятларни кўзлаган ҳолда мазкур аёллар пул эвазига фоҳишалик билан шуғулланиб келишлари ҳақида туҳмат қилган. Жабрланувчи аёллар ўз суратларини мазкур каналдан ўчириб ташлашни талаб қилган вақтларида уларни турли куракда турмайдиган уятли сўзлар билан ҳақорат қилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижасида, мазкур жиноий ҳаракатларни муқаддам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат) билан жавобгарликка тортилган, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида яшовчи 40 ёшли М.Ш. ва Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи 19 ёшли Р.С. амалга ошириб келаётгани аниқланган. Улар фойдаланиб келаётган телефонлардан жиноий фаолиятини тасдиқловчи ёзишмалар аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 139 (Туҳмат) ва 140-моддалари (Ҳақорат қилиш)билан жиноят иши қўзғатилган.

Янгиликлар