«Инсоният келаётган йилни нишонлаши учун 12 та сабаб бор» — Билл Гейтс

Миллиардер ва «Microsoft» компанияси асосчиларидан бири Билл Гейтс 2020 йилни «ҳалокатли йил» деб атаб, келаётган 2021 йил яхши ўтишига ишонч билдирди. У бу ҳақда ўз блогида ёзган.

Фото: «GatesNotes»

Гейтснинг таъкидлашича, инсоният келаси йилни нишонлаши учун камида 12 та сабабга эга. Шундай қилиб, Гейтснинг сўзларига кўра, фармацевтика компаниялари коронавирусга қарши вакцинани яратаётгани ва синовдан ўтказишда тезкорлиги учун мақтовга лойиқ. Уларнинг меҳнати сабаб 2021 йилда дунё аҳолисининг катта қисми эмланиш имкониятига эга бўлади.
Унинг фикрига кўра, кўп одамлар тиббий ниқоб билан «муросага келган» ва ижтимоий масофа заруратини англаб етган. Бу эса, ўз навбатида, инфекция тарқалиши тезлигини пасайтиради.

Шунингдек, Билл Гейтс бутун дунёда яқин йилларда коронавирусни енгиб ўтиш мумкинлигига умид қилмоқда. «Кўплаб компанияларнинг турли хил вакциналари хавфсиз ва самарали бўлиши эҳтимоли анча юқори. Улар сони аллақачон иккитадир, эҳтимол, бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин», — деб ёзган у.

Гейтснинг фикрига кўра, яна бир ижобий нарса шундаки, фармацевтика компаниялари бир-бири билан ишлаб чиқариш ресурслари ва технологияларини баҳам кўрмоқда.

Фото: «Time»

«Вирусни тўлиқ енгиб ўтиш учун бешдан 10 миллиардгача бўлган миқдорда вакциналарни ишлаб чиқариш керак. Аммо бу асосий муаммо эмас. Бу ерда асосий тўсиқ — логистика. Бироқ инсоният бу муаммони ҳам ҳал қила олади», — дейди у. Шунингдек, тадбиркор одамларнинг вакциналарга шубҳа билан қарашни ва вакциналар ҳақидаги миш-мишларни тарқатишни тўхтатишига умид боғлаган.

«Давлат раҳбарлари, олимлар ва шифокорлар одамларга янги вакцинанинг афзалликлари тўғрисида маълумот бериш бўйича муҳим вазифани ўз зиммаларига олишлари керак», — деб ёзади Гейтс.

«Коронавирусга қарши эмлаш технологиялари ҳар куни ривожланиб бормоқда. Яқинда одамлар экспресс-тестлардан оммавий равишда фойдаланишлари мумкин бўлади», — таъкидлайди «Microsoft» асосчиси.

Фото: «Associated Press»

У, шунингдек, Африкада касалланиш ва ўлим даражаси Қўшма Штатлар ва Европага қараганда пастроқ эканлигини таъкидлаган. Дастлаб Гейтс камбағал мамлакатлар пандемияга дош беролмайди, деб тахмин қилган эди. Тадбиркорнинг айтишича, у адашганидан хурсанд бўлган.

«Пандемияга қарши курашиш учун бутун дунё бирлашди. Албатта, бундай катта фожиа ҳамкорлик учун энг яхши сабаб эмас. Бироқ, ҳақиқат шуки, одамлар ўзларининг энг яхши хислатларини намойиш этди ва бошқа қийин вазиятларда ҳамкорлик қилишга ёрдам берадиган тажриба тўплади», — дея хулоса қилади Гейтс.

Аввалроқ Билл Гейтс экологик инқирозни коронавирусдан кўра хавфлироқ деб атаган эди. Экологлар ҳам унинг сўзларини тасдиқлаган.

Янгиликлар