Қирғизистон ва Тожикистон чегара тўғрисида шартнома имзолади

Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров 2021 йилдан буён ёпиқ бўлган давлат чегарасини қайта очдилар. Бу маросим Тожикистон раҳбарининг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Чегара 2021 йилда баҳсли ҳудудларда содир бўлган жиддий низолар сабабли ёпилган эди. Шунингдек, ўша пайтда Душанбе ва Бишкек ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳам тўхтатилган эди.

Ишончим комилки, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегараси тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши мамлакатларимиз халқлари ва кенг халқаро ҳамжамият томонидан кўтаринки кайфият билан кутиб олинадиган тарихий воқеа бўлади. Бу қадам нафақат давлатларимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг хавфсизлиги, барқарорлиги ва изчил тараққиётини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади, — деди Садир Жапаров.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги тахминан 980 километрни ташкил этади. 2025 йил 21 февралда икки давлат ҳукумат делегациялари чегарани делимитация қилиш бўйича протоколни имзолаган эдилар.

Жаҳон