Мирзиёев Туркманбоши шаҳрида, Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманбоши шаҳрида, мамлакат миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди. Томонлар стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Бердимуҳамедовни БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси юксак савияда ўтказилаётгани билан самимий қутлади.

Шунингдек, жорий йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтган учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Туркманистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидланиича, йил бошидан буён товар айирбошлаш 600 миллион долларни ташкил этган. Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация чуқурлашиб бормоқда.

Шу қаторида, биргаликда «Шовот-Тошовуз» чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда, фаол ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувлар давом эттирилмоқда.

Бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик доирасида ҳукуматлараро комиссиялар йиғилишлари, Ишбилармонлар кенгаши, Ҳудудлар форуми, қатор маданий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилгани маълум қилинган.

Бундан ташқари, жорий йил кузда Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

 

Ўзбекистон