Трамп Фаластинни қўллаб-қувватлаганларни депортация қилмоқчилигини айтди
АҚШ президенти Дональд Трамп яқин орада антисемитизмга қарши кураш тўғрисидаги фармонни имзолаши кутилмоқда. У Фаластинни қўллаб-қувватлаб намойишга чиққан хорижликлар ва талабалар учун визаларни бекор қилишни назарда тутади. Бу ҳақда Оқ уйдаги манбасига таяниб, Reuters хабар берди.
АҚШда истиқомат қилаётган ва намойишларга қўшилган барча чет эл фуқароларига маълум қиламиз: 2025 йилда сизларни аниқлаб, мамлакатдан чиқариб юборамиз. Шунингдек, радикаллашув билан тўлган университет кампусларидаги ҲАМАСнинг барча тарафдорлари учун талаба визаларини зудлик билан бекор қиламан”, деди Трамп.
Бундан ташқари, у “америкалик яҳудийларга нисбатан террорчилик таҳдиди, ўт қўйиш, вандализм ва зўравонлик” учун жавобгар бўлган барча шахсларни таъқиб қилишга ваъда берди.
Федерал агентликларга 60 кун ичида хорижий фаолларни, шу жумладан талабаларни депортация қилиш учун қонуний механизмларни топиш бўйича кўрсатма берилади. Трамп президентликка номзодлик даврида ҲАМАСни қўллаб-қувватловчи талабаларни депортация қилишга чақирганди.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва ҳуқуқшунос олимлар таъкидлашича, янги чора сўз эркинлиги бўйича конституциявий ҳуқуқларни бузади ва эҳтимол, ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқаради.