«Келгусида Олмалиқ кон-металлургия комбинати дунёдаги энг катта конлардан бирига айланади» — Аъзам Асқаров
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари билан таниш мақсадида пресс-тур ташкил этилди. Бу ҳақда TezNews мухбири хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, Комбинат мис-молибден, рух-қўрғошин, полиметалл ва олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича етакчи корхона ҳисобланади.
Қайд этилишича, 2020 йилда комбинатнинг Қалмоққир конидан режалаштирилган 28 920 000 м3 тоғ жинслари қазиб олинган бўлса, 2021 йилга келиб ушбу режа кўрсаткичи 1 472 000 м3 оширилди ва 30 392 000 м3 қилиб белгиланди.
«2028 йилда Қалмоққир ва Ёшлик конлари бирлашиб, дунедаги энг катта конлардан бирига айланади. Ҳозирги кунда Қалмоққир конининг ўзида 1800 та ишчи фаолият юритади. Ушбу карьерда 41 та эксковатор, 37 та белаз ва 17 та бурғулаш ускунаси ишлаяпти», — дейди Қалмоққир кон бошқармаси ишлаб чиқариш техник бўлими бошлиғи Аъзам Асқаров.
Бундан ташқари, президентнинг «Олмалиқ КМК» АЖ конлари негизида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ лойиҳани амалга ошириш натижасида:
- I босқич – 2021-2025 йилларда 290 минг тонна мис катоди, 38 тонна олтин ва 203 тонна кумуш;
- II босқич – 2024-2028 йилларда 400 минг тонна мис катоди, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш металлари ишлаб чиқариш кутилмоқда.
Маълум бўлишича, 1 июль ҳолатига жами бажарилган тупроқ ишлари 82,1 миллион метр кубни ташкил этаяпти ҳамда кон ишларини бажариш учун бугунги кунгача умумий қиймати 415 миллион доллардан зиёд бўлган 570 донадан ортиқ техника етказиб берилган.
Таъкидланишича, 2024 йилда ушбу лойиҳа доирасида йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга бўлган 3-Мис бойитиш фабрикасини барпо этиш ишлари бошланган ва фабрика ишга тушгач, ажратиб олинадиган мис концентратида мис металлининг миқдори 160 минг тоннадан ортиқ бўлиши кутилмоқда.