Ўзбекистонга АҚШдан коронавирусга қарши 3 миллион 60 доза Moderna вакцинаси келтирилди
Вакцина АҚШ томонидан ЖССТнинг COVAX дастури доирасида ажратилган бўлиб, махсус ҳаво қатнови воситасида АҚШнинг Алабама штатидан юртимизга етказиб берилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Moderna Қўшма Штатларда қўлланилаётган 3 та вакцинадан биттаси ҳисобланади.
Қайд этилишича, «Moderna» компаниясининг коронавирусга қарши қўлланиладиган 3 миллион 60 доза вакцинасини Ўзбекистон учун АҚШ беғараз кўмак тариқасида ажратди.
Шунингдек, «Moderna» компаниясининг вакцинаси 94 фоиздан зиёд самарадорликка эга бўлгани ҳолда COVID-19 вируси юқишини бартараф этади.
Aмериканинг Moderna вакцинаси ЖССТ томонидан фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун тасдиқланган («Pfizer», «Johnson & Johnson» компанияларининг вакциналари, шунингдек, «AstraZeneca» компаниясининг икки турдаги препаратидан сўнг) бешинчи вакцина ҳисобланади.
Бундан ташқари, ЖССТ экспертлар гуруҳи вакцинанинг вирусга қарши 94,1 фоиз самарадор эканини таъкидлаб,уни 18 ёшдан катта бўлган барча аҳоли гуруҳлари учун тавсия қилган.
Таъкидланишича, вакцина тери остига юборилади, эмлаш 28 кунлик интервал билан икки дозадан иборат.