Бухорода «Жондор деҳқон бозори» янгиланаётгани маълум қилинди (фото)
Бухоро вилояти Жондор туманида «Жондор деҳқон бозори» янгиланмоқда. Ушбу лойиҳа қиймати 12 миллиард 350 миллион сўмни ташкил этади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Яккатут-Жондор» автомобиль йўли ёқасида жойлашган, майдони 2,5 гектар бўлган «Жондор деҳқон бозори» қурилишининг лойиҳа қиймати 12 миллиард 350 миллион сўмни ташкил этган. Лойиҳа қурилиши учун акционерлик тижорат «Миллий банк»ининг вилоят филиали томонидан 2 миллиард сўм кредит маблағи олинган.
Қайд этилишича, мазкур объект қурилиши Нодир Муродов раҳбарлик қилаётган «Жондор Эко Бозор» МЧЖ пудрат корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.
Хабар берилишича, янги бозорда икки қаватли ёпиқ савдо мажмуаси, жами 440 растадан иборат 3 та ёзги павилон, нон, сут ва гўшт маҳсулотлари учун алоҳида айвонлар ҳамда дон ва дуккакли махсулотлар савдоси учун алоҳида савдо расталари бўлади.
Шунингдек, бозор ёнидан автотураргоҳ, умумий овқатланиш шохобчаси, «Халқ банки» филиали, дорихона ва бошқа қулайликлар яратилади.
Шу билан бирга, бозорда қурилиш, хўжалик моллари билан савдо қилувчи савдо дўконлари фаолияти йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, Бухорода 10 августдан бошлаб карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилиши бошланган ва буюм, қурилиш моллари савдоси ва бошқа турдаги бозорлар фаолиятига рухсат берилган.
Аввалроқ Жондор туманида пахта далаларидаги ишларни ўрганиш жараёнида қатор камчиликлар аниқлангани хабар қилинганди.