Жондор туманида пахта далаларидаги ишларни ўрганиш жараёнида қатор камчиликлар аниқланди (фото)

Бухоро вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жондор туманидаги пахта майдонларида 2020 йил ҳосили учун ғўза парваришида олиб борилаётган ишларни ўрганди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, уларга туман ҳокими Камол Камолов, сектор раҳбарлари ҳамда туманнинг қишлоқ хўжалигига оид ташкилот раҳбарлари ҳамроҳлик қилди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, «Бунёд Салим Ҳаётжон» тасарруфида 43 гектарда, «Усто Баҳром пахтазори» фермер хўжалигида эса 25 гектарда пахта етиштирилган. Маҳаллий иқлим шароитига мос ва синовдан ўтган «Бухоро-10» истиқболли навидан баракали хирмон кўтариш агротехникаси, шу кеча-кундузда кечиктириб бўлмас тадбирлар, хусусан, ғўза қатор ораларини сувга қондиришда «шарбат» усулини кенг қўллаш, майдонларда ялпи чеканкани сифатли якунлаш ва ҳосилга ҳосил қўшадиган ҳал қилувчи ойда бор куч ва имкониятдан унумли фойдаланишда дуч келинаётган нуқсон ва камчиликларга эътибор қаратилди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

«‘Пўлоти’ МФЙ даги ‘Ўрмонбобо Муҳриддин’ ҳамда ‘Ғафурова Сидиқа Зиёдуллаевна’ каби фермер хўжаликлари пахта далалари ҳам эътибордан четда қолмади. Мутахассислар контурларда амалга оширилаётган агротехник тадбирлар билан яқиндан танишиб, ‘Ўрмонбобо Муҳриддин’ фермер хўжалигида мавжуд 50,5 гектардан 155, ‘Ғафурова Сидиқа Зиёдуллаева’ фермер хўжалигида эса 69 гектардан 207 тоннадан ошириб қимматбаҳо саноат хом ашёси етиштиришнинг ўзига хос мураккабликлари, жумладан, ерни сувга, минерал ва маҳаллий ўғитга қондириш, сувчи ва механизаторларга яратилган шарт-шароитга юқори баҳо бердилар.

‘Хумдонак’ МФЙ даги ‘Эгамбобо Жондорий’ фермер хўжалиги миришкорлари ҳам бу мавсумда 54 гектар майдондан 150 тонналик ‘оқ олтин’ хирмони бунёд қилиш ниятидалар. Шу кеча-кундузда хўжалик аъзолари ғўзани чилпиш ва культивация ва суғориш ишларини оби-тобида олиб бормоқдалар. Вилоят ишчи гуруҳи аъзолари томонидан бу хўжаликка ҳам зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди»,— дейилади ҳокимлик хабарида.

Аввалроқ май—июнь ойларида коронавируснинг Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳаётига қандай таъсир қилгани маълум қилинган эди.

Янгиликлар