Тошкентда сохта ДХХ ходими фирибгарлик устида қолга тушди
Пойтахтда ўзини ёлғондан Давлат хавфсизлик хизмати ходими деб, танишлари орқали товарларни божхона назоратидан ўтказиб беришни айтган фуқаро ушланди. Бу ҳақда хавфсизлик хизмати хабар берди.
Аниқланишича, 1985 й.т. фуқаро ўзини гўёки ДХХ ходими дея таништириб, хусусий корхона номига олиб келинган товарларни Божхона қўмитасининг Шахсий хавфсизлик бошқармасида ишловчи танишлари орқали хеч қандай муаммосиз божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказдириб беришини ваъда қилган.
Шундан сўнг, ДХХ ва божхона идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, ушбу фуқаро корхона раҳбаридан фирибгарлик йўли билан ҳар бир юк партияси учун 500 АҚШ долларидан жами 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини олган вақтида ушланган.
Шунингдек, мазкур шахс корхонага хориждан импорт килинаётган автомобиль эҳтиёт қисмларини божхона расмийлаштирувидан тезлаштириб чиқариб бераётганлигини айтиб, корхона раҳбаридан муқаддам 1000 АҚШ доллари олган.
Натижада фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.