Исроил Ғазога бораётган ёрдам кемасини тўхтатиб қолди
Исроил ҳарбийлари Грета Тунберг бошчилигидаги ёрдам кемасини Ғазо блокадасини бузишга уринган пайтда тўхтатиб, Исроил портига йўналтирди. Бу ҳақда Исроил Ташқи ишлар вазирлигига таяниб Reuters хабар берди.
Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган ва экологик фаол Грета Тунберг ҳамда бошқа фаолият вакиллари иштирок этган Madleen номли Британия байроғи остидаги кемани тўхтатилди.
Қайд қилинишича, хайрия миссияси сифатида йўлга чиққан “Эркин Флотилия Коалицияси”га тегишли кема Ғазога оз миқдорда озиқ-овқат ва чақалоқлар учун қўшимча озуқа олиб бориши ва минтақадаги гуманитар инқирозга эътибор қаратишни мақсад қилган.
Бироқ кема Ғазо соҳилларига яқинлашмасидан аввал, кечаси халқаро сув ҳудудида Исроил ҳарбийлари томонидан тўхтатилиб, Исроил портига йўналтирилган.
Ташқи ишлар вазирлиги кема бортидаги барча 12 нафар экипаж аъзоси, жумладан швед экологик фаоли Грета Тунберг ва Европа парламенти аъзоси Рим Ҳасан соғ-саломат экани, уларга сендвич ва сув берилгани, уларнинг яқин орада ўз мамлакатларига қайтарилиши режалаштирилганини билдирди.
Рим Ҳасаннинг маълум қилишича, экипаж 9 июнь куни тонгги 02:00 ларда ҳибсга олинган. Кемадаги инсонпарварлик ёрдами эса Исроил расмийлари томонидан Ғазога “ҳақиқий гуманитар каналлар” орқали етказилиши айтилган.
Исроил мудофаа вазири Ёав Галант кеманинг миссиясини “Ҳамасни қўлловчи тарғибот” деб атаб, уни тўхтатиш ҳақида армияга буйруқ берган.