Франция Суриянинг собиқ президентини ҳибсга олиш учун ордер чиқарди
Франция Суриянинг собиқ президенти Башар Асад ва яна олти нафар юқори лавозимли собиқ амалдорга нисбатан ҳибсга олиш ордерини чиқарди. Бу ҳақда France24 маълум қилди.
Халқаро инсон ҳуқуқлари федерацияси (FIDH) адвокатларининг маълум қилишича, Франция суд органлари еттита ҳибсга олиш ордерини чиқарган. Улар орасида Сурия экс-президенти Башар Асад ва олти нафар юқори мартабали амалдор ҳам бор. Бу қарор 2012 йил 22 февралда Хомс шаҳрига қилинган ҳаво ҳужуми бўйича Франция прокуратураси олиб бораётган тергов доирасида қабул қилинди.
Содир бўлган ҳодиса натижасида 56 ёшли АҚШ фуқароси, The Sunday Times газетасида ишлаган журналист, ҳамда 28 ёшли француз фотографи вафот этган.
Журналистлар Хомсдаги норасмий матбуот марказига зарба берилиши натижасида ҳалок бўлди. FIDH’нинг таъкидлашича, улар Асад режими жиноятларини ҳужжатлаштириш учун шаҳарга яширин кирган ва «мақсадли бомбардимон» қурбони бўлган.