Йўл қоидабузарликларини қайд этувчи тизимга кириш очиқлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди — ИИВ
Ўзбекистонда ўрнатилган фото видео қайд этиш тизимидаги заифлик тўғрисидаги хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мазкур маълумотни рад этди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур хабарда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўрнатилган фото-видео қайд этиш тизими орқали аниқланган транспорт воситалари ва уларнинг давлат рақам белгилари, ҳодиса жойи координациялари, унинг қоидабузарлиги тўғрисидаги маълумотларни интернет тармоғи орқали олиш имконияти борлиги, бу эса ўз навбатида республика бўйлаб ҳаракат қилаётган транспорт воситаларини кузатиш имконини бериши маълум қилинган эди.
Мазкур ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўрнатилган фото ва видео қайд этиш техник воситалари тадбиркорлик ва бошқа суъбектлар томонидан 14 турдаги ахборот тизими орқали қайд этилади ва аниқланган ходисалар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими «Маъмурий амалиёт» модулига юборилади, — деб билдирилди.
Мазкур ахборот тизимлари 3 босқичли киберхавфсизлик экспертизаларидан ўтказилиб, хавфсизлик тартиби таъминланиши кафолатлангани таъкидланди.
Шунингдек, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими орқали аниқланган қоидабузарликларни хуқуқбузар «Жарима солиш тўғрисидаги қарор»даги QR-код орқали қоидабузарликнинг видео лавхалари ва фото суратларини «cloud.yhxx.uz» web сахифаси орқали кўриш имкониятига эга.
Маълумот учун, cloud.yhxx.uz веб-саҳифаси фуқароларга ўз жарималарини электрон кўринишда кўриш имконини бериш учун ишлаб чиқилган.
Ушбу саҳифага кириш махсус, уникал тарзда генерация қилинган ҳавола орқали амалга оширилади.
Фуқаро ушбу ҳаволага QR-кодни сканерлаш орқали ёки махсус мобил иловалар (road24, saferoad) орқали кириб, фақат ўзига тегишли бўлган жарима ҳақидаги маълумотларни кўриши мумкин. Бунда, ҳуқуқбузар тизимга интернет тармоғи орқали тўғридан-тўғри, логин ва паролсиз, фақат берилган ҳавола орқали киради, — деб таъкидланди.
Шунингдек, мақолада фото видео қайд этиш тизимидаги заифлик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаментига хат билан мурожаат қилинганлиги, бироқ жавоб берилмаганлиги маълум қилинган.
Ички ишлар вазирлиги хамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юқоридаги мазмундаги мурожаат келиб тушганлиги аниқланмаганини таъкидлади.
Қоидабузарликларни аниқловчи фото видео қайд этувчи қурилмалар ўрнатилган локациялар тўғрисидаги маълумот очиқ хисобланиб, ушбу маълумотлар очиқ манбаларда, online хариталарда ва антирадар қурилмаларида янгиланиб борилиши хам хабар қилинди.





