Ироқда болалар никоҳи қонунийлаштирилди
Ироқ парламенти учта баҳсли қонунни, жумладан, мамлакатнинг шахсий мақоми тўғрисидаги қонунига ўзгартиришлар киритишни қабул қилди. Бу ҳақида CNN хабар бермоқда.
Мухолифларнинг фикрича, бу амалда болалар никоҳини қонунийлаштиради.
Ўзгартиришлар исломий судларга оилавий масалалар, жумладан, никоҳ, ажрим ва мерос бўйича кўпроқ ваколат беради. Фаоллар бу Ироқнинг 1959 йилдаги Шахсий мақом тўғрисидаги қонунига путур етказишини таъкидламоқда. Ушбу қонун оила ҳуқуқини бирлаштирган ва аёллар учун ҳимоя чораларини ўрнатган эди.
Асосан консерватив шиа қонунчилари томонидан қўллаб-қувватланган ўзгаришлар тарафдорлари уларни қонунни исломий тамойилларга мувофиқлаштириш ва Ғарбнинг Ироқ маданиятига таъсирини камайтириш воситаси сифатида ҳимоя қилмоқдалар. Ҳозирги Ироқ қонунчилигида никоҳнинг минимал ёши 18 ёш этиб белгиланган.
Қабул қилинган ўзгаришлар дин арбобларига ислом ҳуқуқини ўз талқинларига кўра қўллаш имконини беради, дейилади хабарда.
Баъзилар буни қизларнинг эрта ўсмирлик ёшида ёки ҳатто 9 ёшида турмушга чиқишига рухсат бериш деб талқин қилмоқда. Бу Ироқдаги кўплаб шиа диний ҳокимиятлари амал қиладиган Жаъфарий ислом ҳуқуқи мактабига асосланади.