Сурхондарёда судья ёрдамчиси пора билан ушланди
Сурхондарё вилоятининг Термиз туман суди судья ёрдамчиси пора билан қолга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, судья ёрдамчиси хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда мазкур туман судида кўрилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш бўйича ҳуқуқбузарга нисбатан енгиллик яратиб бериши эвазига дастлаб 500 минг сўм пул маблағини олиб, қўшимча равишда 800 АҚШ доллари талаб қилади.
Термиз шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда судья ёрдамчиси ўзининг қариндоши воситачилигида 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.