Президент танқидидан сўнг Наманган туман ҳокими контейнерга кўчиб олди
Наманган вилояти Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов, президентнинг «Шўрариқ» маҳалла фуқаролар йиғинига ташрифи чоғидаги танқидидан сўнг, контейнер уйига кўчди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, президентнинг шу йил 16-17 сентябрь кунлари вилоятга ташрифи том маънода Наманганда 2-уйғониш даврини бошлаб берган.
Аниқланишича, Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигида тегишли ўринбосарлар ва мутасаддилар иштирокида президент томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Шўрариқ» маҳалласини «Янги Наманган» маҳалласига айлантириш жараёнига киришилди.
Норин тумани ҳокими шу маҳалла ҳудудига ўрнатилган контейнер уйга кўчиб ўтди ва бу билан ислоҳотларни тезлатиш, мавжуд муаммоларни жойида бартараф этиш, маҳаллани обод масканга айлантириш имконияти яратилди, — дейилади хабарда.
Шунингдек, «Янги Наманган» ва унинг атрофидаги 6 та маҳаллани жадал ривожлантириш бўйича мастер режа ишлаб чиқиш юзасидан мутахассислар ва аҳоли вакилларининг таклифлари тинглангани айтилди.