Прокурор Мубашшир Аҳмад учун 7 йиллик қамоқ жазоси сўради

Тошкентда Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов иши бўйича тўртинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев уни Жиноят кодексининг учта моддаси билан, 7 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилди, деб Kun.uz хабар берди.

Суд мажлисида прокурор судланувчини Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан айбдор деб топишни сўради:

• 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди билан;

• 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда;

• Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми билан.

Унга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини ҳамда 150 базавий ҳисоблаш миқдорида жарима солиниши талаб қилинди, — дейилади хабарда.

Адвокатлар айбловчи ва экспертнинг фикрига қўшилмаслигини билдириб, суддан Турсуновнинг соғлиғи, ёшларни тарбиялашдаги ўрни ва оиланинг ягона боқувчиси эканлигини ҳисобга олишни сўради. Айбланувчининг ўзи ҳимоячининг позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Судя 22-сентябрь куни судланувчига якуний сўз берилишини, шундан сўнг суд ҳукмни кўриб чиқиш учун маслаҳат хонасига кетишини маълум қилди.

Ўзбекистон