Ўзбекистонда кичик тадбиркорлар учун «контр-кафолат» тизими жорий этилади

Натижада бизнеснинг ҳақиқий қийматини баҳолаб кредит бериш имкони яратилади

Эслатиб ўтамиз, бугун президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда.

Давлат раҳбари, кичик тадбиркорлар учун энг катта масалалардан бири – гаров таъминоти эканлигини таъкидлади. Шу боис, бизнеснинг ҳақиқий қийматини баҳолаб кредит бериш имконини яратадиган «контр-кафолат» тизими жорий этилади.

Хусусан, 10 миллиард сўмгача кредитда гаровнинг 30%ни давлат, 30%ни бизнесни кафолатлаш компанияси, 15%ни банклар ўз зиммасига олади. Тадбиркорнинг ўзига 25% гаров топиш кифоя қилади.

Шунингдек, «Виртуал солиқ маслаҳатчиси» орқали тадбиркорга харажат ва хатоларни камайтиришга ёрдам берадиган сунъий интеллект портали ишга туширилди. Келаси йилдан бундай «сунъий интеллект ёрдамчилари» қурилиш, меҳнат муносабатлари, ташқи савдо ва давлат хизматларида ҳам жорий этилади.

Бундан ташқари, иккинчи йўналиш – ҳудудларда «бизнес имкониятлари»ни ошириш эканлиги таъкидланди. Давлат раҳбари минглаб гектар бўш ер ва самарасиз фойдаланилаётган давлат активлари фақат лойиҳага айланиб, иш ўрни ва экспортга хизмат қилганда ҳақиқий қиймат яратишини таъкидлади.

Қайд этилишича, давлат активини сотиб олишда аванс 30%дан 15%га туширилади, олти ойда тўлиқ тўлов қилганларга 25% чегирма берилади. Сумманинг ярмини тўлаган тадбиркор қолганини 7 йилда фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин бўлади.

Натижада, 3 ойда сотилмаган давлат мулкининг бошланғич нархи босқичма-босқич 10%гача камайтирилади. Аукцион муддати ҳам икки баробар қисқартирилади.

Ўзбекистон