Швецияда ноқонуний бўлган 20 дан ортиқ фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди

Швецияга тартиб-қоидаларни бузган ҳолда кирган Ўзбекистон фуқаролари ватанга олиб келинди. Бу ҳақда «Дунё» агентлиги хабар беради.

Хусусан, 11 февралга ўтар кечаси 21 нафар фуқаро чартер рейс орқали Тошкент халқаро аэропортига етиб келган.

Аниқланишича, фуқаролар аввал Швецияга белгиланган тартиб-қоидани бузган ҳолда кириб, кейин мамлакат ҳудудида миграция қонунчилиги талабларига риоя этмасдан юрган.

Тошкентга етиб келган йўловчиларни Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари кутиб олди.

Парвозни ташкил этиш Ўзбекистон ва Швеция ваколатли органларининг мувофиқлаштирилган ҳамкорлиги натижасида амалга оширилди.

Мазкур чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг хориждаги фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини халқаро мажбуриятлар ва қабул қилувчи давлатлар қонунчилигига риоя қилган ҳолда ҳимоя қилишга қаратилган изчил сиёсатини акс эттириши таъкидланди.

Ўзбекистон