Ўзбекистонда ёлғиз оналар ва оталар боласи 3 ёшга тўлгунича моддий ёрдам олади

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан кам таъминланган оилалар реэстрига киритилган расман иш билан банд бўлган ёлғиз оналар ва оталарга мактабгача таълим муассасалари хизматлари учун ҳақ тўлаш учун моддий ёрдам кўрсатиш тартиби тасдиқланди.

Тегишли тасдиқ билан 2025-йил 1-сентябрдан бошлаб ёлғиз оналар-оталар моддий ёрдам сўраб «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя тизими» ахборот тизими орқали, шунингдек, бевосита «Инсон» ижтимоий хизмат кўрсатиш марказларига ёки давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

Моддий ёрдам ҳар бир болага 3 ёшгача қадар берилади. Унинг қиймати 1,5 БРВгача бўлган миқдорда ижтимоий шартнома асосида Давлат ижтимоий ҳимоя жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилади, — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ушбу моддий ёрдам олувчилар реэстри яратилади, субсидияларни ҳисоблаш ва тўлаш автоматлаштирилади.

Маблағлар олувчиларнинг «ижтимоий картасига», у йўқ бўлганда эса «халқ банки» очилган банк карталарига ўтказилади.

Ўзбекистон