Сирдарёда пора билан ушланган солиқ бош инспектори 2 йилга қамалди
Сирдарёда пора эвазига, 3 компаниянинг солиқ қарзини ёпиб беришни ваъда қилган солиқ бош инспекторига нисбатан ҳукм чиқарилди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати.

Гумондор шу йилнинг апрель ойида қўлга олинган эди. Аниқланишича, айбланувчи 3 корхонанинг солиқ қарзини соддалаштирилган тартибда банкрот деб эълон қилиш орқали бартараф этишга ваъда берган. У хизматлари учун 4 минг доллар талаб қилган.
Шундан сўнг, Жиноят ишлари бўйича Гулистон туман суди эркакни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (хизмат ваколатидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик) ва 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан айбдор деб топган.
Натижада фуқаро икки йилу уч ойга озодликдан маҳрум этилди.





