ЖССТ коронавируснинг янада хавфли тури пайдо бўлишидан огоҳлантирди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус коронавируснинг янги, янада хавфли штами пайдо бўлиши ва унга қарши вакциналар кучсиз бўлишини айтди.

Ташкилот раҳбари 3 июнь куни Братиславадаги Globsek-2022 хавфсизлик конференциясида бу бўйича нутқ сўзлаган.
«Вакциналаримиз таъсиридан қоча оладиган янги, янада хавфли SARS-CoV-2 вируси пайдо бўлиши эҳтимоли бор ва таҳдид сақланиб қолмоқда», — дейди ташкилот раҳбари.
Гебрейесус айрим ҳудудлардаги тенденциялардан хавотирда. Хусусан, Африка ва Ғарбий Тинч океани минтақасида қайд этилган ўлимлар сони ортиб бормоқда. Ўз навбатида, Америкада ковиддан ўлим ва касалланиш кўпаймоқда. «Пандемия тугади, дейишга ҳали эрта. У тугамаган», — деган ташкилот раҳбари.
Шунингдек, расмий «вирус қандай ривожланишини олдиндан айтиш жуда қийин»лигини таъкидлаган.
«Шуни аниқ биламизки, келажакдаги ковид вариантлар ҳозиргига нисбатан анча юқумли бўлади. Аммо биз улар касаллик оғирлиги нуқтаи назаридан қандай бўлишини олдиндан айтиб бера олмаймиз», — дея қўшимча қилган Гебрейесус.





