Россияда мигрантларга Max иловасини ўрнатишни мажбурий қилиш таклиф этилди

Россияда «Янги одамлар» фракцияси депутатлари Ички ишлар вазири Владимир Колокольцевга мигрантларни Max мессенжерини ўрнатиш ва ундан фойдаланишни мажбурий қилиш таклифи йўллашди, деб ТАСС хабар берди.

Депутатлар таъкидлашича, мигрантлар фаол равишда хорижий мессенжерлар ва иловалардан фойдаланмоқда, аммо улар ҳар доим ҳам хавфсизлик талабларига жавоб бермайди ва маълумотларни етарли даражада ҳимоя қила олмайди.

Парламент аъзоларининг фикрича, бу ҳолат мигрантларни фирибгарлик схемалари ва жиноий ҳаракатларга жалб этилиши учун қўшимча хавфлар яратади. Шунингдек, давлатнинг миграция муҳитидаги ахборот алоқаларини назорат қилиш имкониятларини камайтиради.

Россия Федерацияси ҳудудида бўлиб турган хорижий фуқаролар учун Max мессенжерини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш мажбуриятини қонун йўли билан белгилаш зарур, — дейилади мактуб матнида.

Депутатларнинг сўзларига кўра, бундай ёндашув ушбу мессенжер давлат хизматлари билан интеграция қилиш, миграция ҳолатини назорат қилиш самарадорлигини оширади.

Шу билан бирга, мигрантларнинг давлат органлари ва иш берувчилар билан ўзаро алоқаси учун ягона хавфсиз рақамли канал яратиш ва хорижий мессенжерлардан ноқонуний мақсадларда фойдаланишни камайтиради.

Жаҳон