Президент Осиё Олимпия кенгашининг янги президентини «Шон-шараф» ордени билан тақдирлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 январь куни Тошкентда бўлиб ўтаётган Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеясида иштирок этди.

Тадбирда етакчи халқаро ва минтақавий спорт ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари қатнашди. Шунингдек, ассамблея ишида махсус меҳмонлар ва расмийлар, хусусан, Америка Қўшма Штатлари Президентининг махсус вакили Паоло Замполли, Россия Федерацияси спорт вазири Михаил Дегтярёв, Саудия Арабистони Подшоҳлиги спорт вазири Абдулазиз бин Туркий Ол Сауд, Қатар ёшлар ва спорт вазири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний ҳамда бошқалар иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Сонийни Осиё Олимпия кенгаши президенти этиб сайлангани билан қутлаб, унинг юксак даражадаги касбий маҳорати, салмоқли халқаро тажрибаси ва нафақат Осиё қитъаси, балки бутун дунёда спорт ривожига қўшган улкан ҳиссасини таъкидлаб ўтди.

Давлат раҳбари Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан спорт соҳасида кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун очиқлигини тасдиқлаб, спорт дипломатиясини ривожлантириш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суришга тайёрлигини таъкидлади.
Тадбир якунида Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний олимпия ҳаракатини ривожлантириш, муҳим спорт ташаббусларини илгари суришга қўшаётган алоҳида ҳиссаси учун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг «Шон-шараф» ордени билан тақдирланди.





