AОКAга раҳбар этиб тайинланган Aсаджон Ходжаев «Ўзкомназорат» раҳбарлигидан озод этилди
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан Асаджон Ходжаев Ўзбекистон Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси раҳбарлигидан кетди.
Маълум қилинишича, Асаджон Азатбекович Ходжаев AОКAга раҳбар этиб тайинлангани муносабати билан Ўзбекистон Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг бошлиғи лавозимидан озод этилган.
Aсаджон Хўжаев 2003—2004-йилларда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши аппаратининг етакчи консултанти, Aхборот-коммуникасия технологиялари ва ахборот хавфсизлигини ривожлантириш лойиҳаси раҳбари ўринбосари лавозимларида ишлаган.
2004—2011-йилларда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг ўринбосари, 2011—2012-йилларда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директори, 2012—2017-йилларда Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори, 2017-йилда Ўзбекистон бош вазири аппарати мудири, Ўзбекистон Президенти Давлат маслаҳатчиси ўринбосари — Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати раҳбари каби лавозимларда фаолият кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, Асаджон Ходжаев 29 июль куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори этиб тайинланганди.