Ўзбекистон армияси дунёда нечанчи ўринда туриши маълум бўлди
Ўзбекистон армияси ҳарбий қудрати бўйича жаҳон рейтингида 54-ўринни эгаллади. Бу ҳақда «Global Firepower» порталининг «Global Firepower Index–2022» жаҳон армиялари рейтингида маълумот берилган.
Маълум қилинишича, 2021 йилда Ўзбекистон армияси ҳарбий қудрати бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи, жаҳонда эса 51-ўринни эгаллаганди. Мамлакат 2022 йилги рейтингда ҳам Марказий Осиё давлатлари ичида биринчиликни сақлаб қолган. Жумладан, Қозоғистон 64 ўрин, Туркманистон 83, Қирғизистон 90, Тожикистон 111, Афғонистон эса 118 ўринни қайд этган.
Биринчи ўринни анъанавий равишда Қўшма Штатлар эгаллаган. Кучли ўнликка, шунингдек, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея, Франция, Буюк Британия, Покистон ва Бразилия кирган. Рейтингда жами дунёнинг 140 та давлати армияси баҳоланган.
Рейтингни тузишда экспертлар 50 дан ортиқ омилларни, хусусан, ҳарбий хизматчилар сони, техник жиҳозланиш даражаси, молиялаштириш, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва моддий-техника имкониятларини ҳисобга олган.
Маълумот учун, Ўзбекистон армиясида 70 минг ҳарбий хизматчи бор. Шунингдек, унинг арсеналида 194 та ҳаво техникаси, жумладан, 60 та қирувчи самолёт, 33 та ҳужум вертолёти, 420 та танк, 98 та реактив ракета тизими, 1,2 минг зирҳли транспорт воситалари ва 60 та артиллерия тўпи бор.