ХТВ география фани соатлари қисқараётганига оид эътирозларга жавоб қайтарди

Халқ таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган, география фани соатлари қисқараётганига оид ўзгариш бўйича муносабат билдирди.

Миллий ўқув дастурига кўра, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб 1–6-синфларда ягона — табиий фанлар (Science) жорий қилиниши белгиланган. Янги фан география, биология, физика, кимё ҳамда астрономия фанлари бўйича ўқувчиларнинг дастлабки кўникмасини шакллантиришга қаратилган.

Таъкидланишича, эндиликда бу фанларга оид билим ва кўникма ўқувчиларда 1-синфдан бошлаб шакллантирилади. Миллий ўқув дастури доирасида ўқувчиларда табиий фанлар орқали шаклланиши лозим бўлган билим ва кўникмалар ҳар бир синф кесимида белгиланган.

Ўқувчилар бошланғич синфда етарли кўникма ва малакага эга бўлиши учун халқаро тажрибадан келиб чиқиб, янги фанга ажратилган дарс соатларини бошланғич синфларда кўпайтиришга эҳтиёж туғилган. Шу муносабат билан 6-синфда ҳар бири ҳафталик 2 соатдан ўтиладиган (жами 6 соатлик) география, биология ва физика фанлари ўрнига ҳафтасига 3 соатлик табиий фанлар киритилган.

Ўз навбатида, қолган ҳафталик 3 соат табиий фанлар доирасида 2, 3, 4-синфларга ўтказилди. Яъни бу синфларга ҳафтасига 1 соатдан, жами 3 соат қўшиб берилган. Мактабда география фанидан берилиши зарур бўлган билим ҳажми ва унга умумий режада ажратилган соатлар ҳажми қисқармаган.

Бошқа фанлар қатори география фанига оид мавзулар табиий фанларга сингдирилган, умуман, дастурда география фанига оид мавзулар 291 та мавзудан 387 тага, яъни 96 тага кўпайган. Шу нуқтаи назардан ижтимоий тармоқларда география фани йўқолиш хавфи остидаги хулосалар асоссиз экани қайд этилган.

«Табиий фанлар жаҳондаги аксарият ривожланган давлатларда ўқитилади. Хусусан, Буюк Британия тажрибаси ўрганилганида табиий фанлар 1–6-синфларда интеграция қилинган ҳолда, ягона фан сифатида ўқитилади.

Табиий фанларнинг қуйи синфларда қўшиб ўқитилиши ўқувчига оламни бир бутун тасаввур қилиш, фанларга оид мавзулар кесимида лойиҳа ишларини амалга ошириб, тадқиқотчилик кўникмаларини ривожлантириш, ўқувчиларнинг фаоллигини ошириш, танқидий фикрлаш қобилиятини яхшилаш, уларни ижодкорликка йўналтиришга хизмат қилади.

Миллий ўқув дастури доирасида таълим мазмунида амалга оширилаётган бу каби ўзгаришлар иқтисодиёт соҳасига халқаро андозалар асосида меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган кўникмага эга кадрларни тайёрланиши билан ўқувчилар учун манфаатлидир», дейилади хабарда.

Вазирлик, шунингдек, янги фан киритилиши ўқитувчиларга қандай имконият беришига ҳам тўхталиб ўтган.

«Миллий ўқув дастурида айнан география фани ҳафтада 8 соат ўтишлиши белгиланган. Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, география фани ўқитувчиларида табиий фанлар йўналиши бўйича қисқа муддатли қайта тайёрлов курсини муваффақиятли тамомлаган тақдирда 11 соат дарс бериш имконияти пайдо бўлади (натижада амалдаги ҳафталик 10 соат ўрнига 11 соат дарс бериши мумкин). Мазкур йўналишда қўшимча дарс жорий қилинса, бу ҳам география ўқитувчилари учун қўшимча имконият бўлади», дея изоҳланган хабарда.

 

Янгиликлар