Хоразмда давлат захирасидан 25 сотих ерни сотмоқчи бўлган фирибгарлар ушланди
Хоразм вилояти Гурлан туманида ерни ноқонуний равишда расмийлаштиришга уринган фирибгарлар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, аввал судланган Б.Ю. ва Д.Ю. фуқаро Х.А.нинг ишончини қозониб, унга Шовот тумани «Мевазор» маҳалласида жойлашган давлат захирасидан 25 сотих ерни расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Улар бу ишда юқори лавозимли танишлари борлигини айтган.
Шу мақсадда фирибгарлар 66 минг доллар талаб қилган. Улар 45 минг доллар ва 130 миллион сўм пулни олган вақтида ҳибсга олинди.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.