Ўзбекистонда коррупция энг кўп содир бўладиган ҳудудлар маълум қилинди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов агентликнинг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан жамоатчилик олдида ҳисобот берди.

«Ҳали-ҳануз вазирлик ва идора вакиллари қонунчиликка риоя қилмаган ҳолда давлат харидларини амалга оширяпти. Биргина 2021 йилнинг ўзида агентлигимиз ходимлари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 54 та вазирлик, идора ва ташкилотда ўрганиш ўтказган. Хусусан, 6631 та ҳолатда 567,1 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар: ‘Давлат харидлари тўғрисида’ги, ‘Рақобат тўғрисида¦ги ва бошқа қонунларнинг бузилиши аниқланган.

Агар мана шу хато-камчиликларнинг йўналишларини кўрадиган бўлсак, харид тўғрисидаги маълумотларни электрон порталга киритмаслик, тендер ва харид танлови талабларини бажармаслик кабиларга тўғри келади.

Энг кўп муҳокама қилинаётгани — манфаатлар тўқнашуви аниқланмоқда. Давлат харидларини амалга оширишда 200 га яқин манфааатлар тўқнашувига йўл қўйилгани маълум бўлган. Энг кўп манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳудуд бу — Навоий вилояти ҳокимлиги. Кейин Жиззах, Андижон вилояти ҳокимликлари, Молия вазирлиги ва бошқалардир», — деди Бурҳонов.

Унинг сўзларига кўра, 2021 йилда 5483 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу 2020 йилга нисбатан қарийб 3 баробарга ортганини кўрсатган. Энг кўп коррупция учраган соҳа соғлиқни сақлаш тизими бўлган. Кейинги ўринларда эса банк тизими, халқ таълими, мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, қишлоқ хўжалиги ва ҳокимиятлар.

«Ўзбекистонда коррупцион жиноятлар содир бўладиган Топ-3 ҳудудлар ҳақида гапирадиган бўлсак, энг кўп коррупциявий жиноятлар Тошкент шаҳрида (882 та жиноят) содир эатилган. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти (663 та) ва Фарғона вилояти (595 та) туради. Ундан кейин Анижон, Қашқадарё ва ҳоказо», — дея қўшимча қилди Акмал Бурҳонов.

Янгиликлар