«Қонли январь» фожиаси такрорланишига йўл қўймаймиз – Тўқаев халққа мурожаат қилди

Халқнинг бирлиги ва тотувлиги бузилишига йўл қўйилмайди. Бу нафақат давлатнинг, балки барча фуқароларнинг умумий бурчидир. «Қонли январь» фожиаси қайта такрорланмаслиги керак. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев «Ҳазрат Султон» масжидида халққа йўллаган мурожаатида сўз очди.

Президент Тўқаев 13 февраль куни «Ҳазрат Султон» жоме масжидида январ воқеаларида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган маросимда иштирок этди. Президент қурбонлар хотирасига Қуръон тиловат қилиб, ўз нутқида бу йил Қозоғистон халқи оғир синовларни бошидан кечирганини таъкидлади.

«Давлат яхлитлиги, фуқаролар хавфсизлиги, мамлакат келажаги хавф остида эди. Биз террорчилар қарши тура олдик ва уларнинг ҳужумини қайтардик. Афсуски, бу нотинчлик кўплаб фуқароларнинг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақиқий фожиа. Менинг топшириғимга кўра, тегишли идоралар ҳар бир ана шундай ҳолатни чуқур ўрганмоқда. Мен учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи жуда муҳим. Бўлиб ўтган бахтсиз ҳодисалар бутун мамлакатни ларзага солди», дейди Тўқаев.

Давлат раҳбари Қозоғистонда содир бўлган воқеа муносабати билан миллий мотам куни эълон қилинганини эслади.

«Фожиали воқеалардан 40 кун ўтди. Қурбонлар хотирасини дуо билан ёдга олиш учун масжидга келдим. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирмоқчиман. Давлат сизни муаммоларингиз билан ёлғиз қолдирмайди. Ўрнини ўнглаб бўлмас талофат кўрган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича кўрсатма бердим», дейди Президент.

Тўқаев «Қозоғистон халқига» жамғармаси ҳам жабрланганларга хайрия ёрдамини кўрсатишини айтди. У ишонтирганидек, келажакда бундай фожианинг олдини олиш учун ҳамма нарса қилинади.

«Халқимизнинг бирлиги ва тотувлиги бузилишига йўл қўймаймиз. Бу нафақат давлатнинг, балки барча фуқароларнинг умумий бурчидир. Бундай фожиа бошқа такрорланмаслиги керак!», деди давлат раҳбари.

Сўзи якунида Президент Қозоғистон халқига сабр-тоқат ва осойишталик, мамлакатга тинчлик ва фаровонлик тилади. Шунингдек, у ватандошларни ёш авлод манфаати йўлида умумий саъй-ҳаракатлар билан Янги Қозоғистонни барпо этишга чақирди.

Янгиликлар