Сирдарёда ҳоким ўринбосари катта миқдорда пора билан ушланди

Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокими ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассиси пора устида қолга тушди.

Хусусан, улар тасарруфида 452 гектар ер майдони бўлган чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликни келгуси йил шоли етиштириш тақсимотига киритиш, экспорт режаси бажарилганлигини тасдиқлаш, тақсимотсиз шоли етиштирган ҳолатига нисбатан чора кўрмасликни режа қилади.

Шунингдек, ушбу шахслар гўёки Давлат хавфсизлик хизмати томонидан тумандаги фермер хўжаликлари фаолияти бўйича ўтказилаётган текширувда уни ҳимоя қилиш эвазига хўжалик раҳбаридан жорий йилнинг июнь ойида 10 минг АҚШ доллари олишади.

Кейинроқ эса ҳокими ўринбосари ер майдонини давлат захирасига олиб қўйиш ва фермер хўжалик раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғаттириш билан таҳдид қилиб, қўшимча 20 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Натижада, ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини ўзининг шериги бўлган мутахассис орқали олган вақтида ушланган.

Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассисига нисбатан Жиноят Кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ўзбекистон