Шавкат Мирзиёевга Лев Толстой номидаги Тинчлик мукофоти топширилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти топширилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мукофотни топшириш маросими Санкт-Петербург давлат консерваториясида (Н.А. Римский-Корсаков номидаги) бўлиб ўтди. Шунингдек, ушбу мукофот билан Қирғизистон Президенти Садыр Жапаров ҳамда Тожикистон Президенти Эмомалӣ Раҳмон ҳам тақдирланди.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳузурида халқаро мукофотни унинг ҳайъати раиси, Мариинский театри бадиий раҳбари ва бош директори, Россия Катта театри бош директори, дирижёр Валерий Гергиев топширди.

Уч мамлакат етакчилари ушбу нуфузли мукофотга Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун сазовор бўлдилар.

Ҳакамлар ҳайъатининг қарорида таъкидланганидек, 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида учта давлат раҳбарлари Давлат чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисидаги шартнома ва Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларациясини имзоладилар ва шу билан халқаро ҳуқуқ устуворлигига асосланган умумий ва баробар хавфсизликни таъминлаш, халқлар ўртасида ўзаро англашув ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшдилар.

Ушбу мукофот инсонпарварлик ғояларига садоқатни ифодалаши ва Марказий Осиёни тинчлик, фаровонлик ҳамда бунёдкорлик маконига айлантириш йўлидаги умумий ҳиссанинг эътирофи экани таъкидланди.

 

Янгиликлар