Ўзбекистонда болаларга нисбатан интернетда уятсиз-бузуқ ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Сенат Олий Мажлиси болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунни қабул қилди. Бу ҳақда парламент юқори палатасининг матбуот хизмати хабар берди.

Сенатнинг 12-ялпи мажлисида «Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, бугунги кунда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш, уларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш, жиноят процессида гувоҳ сифатида жалб этишнинг аниқ механизмларини белгилаш зарурати юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга болаларга нисбатан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда, — дейилади хабарда.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг бир кун мобайнидаги умумий давомийлигини ҳамда уларни сўроқ қилиш жараёнида қонуний вакилларнинг иштирок этиши тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонун жиноятларнинг олдини олишга, содир этилган жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.





