Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда янги институт очилишини маълум қилди
Сурхондарёда янги институт фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Дарё» хабар қилди.

Хабарга кўра, 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб математика, кимё-биология, информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган 14 та мактаб фаолияти йўлга қўйилади. 2021—2022 йилларда 12 та мактаб инглиз тили, 2 та мактаб немис тили, 1 та мактаб француз тилига ихтисослаштирилади.
«Мусаев, Тошқулов икки ой муддатда Тошкент давлат техника университети Термиз филиали негизида ушбу университетнинг Термиз муҳандислик-технология институтини ташкил этиш қарори лойиҳасини киритсин», — деди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб ушбу янги институтда қурилиш ва геология соҳалари учун олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, институт қошида Бойсун туманида кўп тармоқли техникум ташкил этиб, кончилик, пиллачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳалари учун ўрта махсус маълумотли мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилиши таъкидланган.





