Ўзбекистонда 1 июндан аҳолидан айрим ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади

Президентнинг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Маълум бўлишича, давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан қуйидаги фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни:

  • руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
  • наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
  • судланганлик;
  • манзил-маълумот ахбороти;
  • фуқаронинг номида шахсий уй-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
  • турар жойнинг майдони;
  • солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
  • солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги;
  • пенсия ва нафақа миқдори;
  • пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
  • никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги;

Шунингдек, қуйидаги ҳужжатларни:

  • шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;
  • шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати;
  • тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари;
  • меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
  • иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
  • кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини талаб қилиш бекор қилинади.

Таъкидланишича, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда мазкур бандда назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

Янгиликлар